Янги йил арафасида "Sen yolg'iz emassan" Фонди жамоаси Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация маркази, фтизиатрия ва пулмонология тиббиёт маркази, болалар гематология клиникаси, шаҳар болалар фтизиатрия санаторийси ва Тошкент вилоят болалар сил санаторийсида ётиб даволанаётган бемор болаларга, ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига ташриф буюрдилар.

Фонднинг ҳодимлари болажонларни кириб келаётган байрам билан табриклаб, уларнинг барчасига ширинликлар совға қилдилар. Мазкур акция ҳар йили ўтказилади ва унинг асосий мақсади - оғир кунларни бошдан кечираётган болажонларнинг кўнглини кўтариш ва уларга қувонч, хушкайфият ва умид учқунини улашишдир. Шунингдек, ушбу акция доирасида, “Sen Yolg'iz Emassan” Фонди Обиджонова Умидани табриклади. Фондимиз Умиданинг умуртқа поғонасини даволаш бўйича мураккаб операция ҳамда реабилитация курсларини Германияда ўтказишга ёрдам берган эди. Биз барча болаларга соғлик ва чинакам бахт тилаб қоламиз!

“Sen Yolg'iz Emassan” Фонди 2002 йилда Лола Каримова-Тилляева томонидан ташкил этилган. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ва алоҳида ғамхўрликка муҳтож болаларга тиббий, психологик ва педагогик ёрдам кўрсатиш Фонд фаолиятининг муҳим йўналишидир.