УМИД РИШТАЛАРИ

“Sen Yolg'iz Emassan” Фонди ота-она ғамхўрлигидан маҳрум болалар ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг даволаниши ва сиҳат топиши учун ҳар жиҳатдан кўмак кўрсатишга интилади. Ушбу йўналишда бир қатор узоқ муддатли дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Малакали шифокорлар ва Фонд ходимларидан таркиб топган махсус комиссия ўн йилдан ошиқ муддат давомида, ҳар ой Ўзбекистондаги ҳамда хориждаги бир қатор тиббий муассасалар билан ҳамкорликда мураккаб жарроҳлик амалиёти талаб этиладиган кўплаб ҳолатлар бўйича тиббий кўрик ўтказиб келмоқда.

“Sen Yolg'iz Emassan” Фонди ўзбекистонлик шифокорларнинг дунёдаги пешқадам клиникалар билан ҳамкорлик ўрнатишига кўмак кўрсатмоқда. 2015 йил июль ойида “Умид ришталари” уюшмасининг аъзолари бўлган франциялик шифокорлар “Sen Yolg'iz Emassan” Фонди таклифига кўра Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказига ташриф буюрдилар. Ташрифдан кўзланган мақсад ўзбекистонлик шифокорлар билан биргаликда юрагида нуқсони мавжуд, шунингдек, умумий хирургия касалликларига чалинган болаларни тиббий кўрикка жалб этиш, уларга маслаҳат бериш ва операция ўтказиш бўйича хайрия акциясини амалга оширишдан иборат эди. 2013 йилда “Sen Yolg'iz Emassan” Фонди томонидан ушбу марказ халқаро талабларга мос ҳолда таъмирлаб берилди. Тўртта операция ўтказиш бўлими янги юқори технологиялар билан таъминланди. Шу тариқа ушбу масканда юракда очиқ усулда мураккаб операцияларни ўтказиш имкони пайдо бўлди.

“Умид ришталари” Франция шифокорлар уюшмаси 1988 йилда ташкил этилган бўлиб, у 400 дан ошиқ кўнгилли шифокорларни бирлаштирган. Уюшма аъзолари бутун дунё бўйлаб маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда фаолият олиб боради, хусусан, болаларга зарур тиббий ёрдам кўрсатади, жойларда маърузалар ўқиб, ўз тажрибаси билан ўртоқлашади. “Умид ришталари” уюшмаси бир йилда дунёнинг 30 мамлакатида болалар жарроҳлиги бўйича 5000 дан ошиқ операция ўтказади.

Ўзбекистонга ташриф чоғи франциялик шифокорлар эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва Республика болалар ижтимоий мослашув марказидаги имконияти чекланган кичкинтойлар – жами қирққа яқин болани кўрикдан ўтказдилар. Шунингдек, франциялик шифокорлар мамлакатимизда ўтказган тренинглар ва маҳорат дарслари давомида кардиожарроҳлик, интенсив даволаш, ташхис қўйиш ва муолажанинг янги усуллари бўйича илғор тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

2015 йил декабрда франциялик шифокорлар юрак хасталиги билан дунёга келган болаларни кўрикка жалб этиш, уларга маслаҳат бериш ва мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш мақсадида яна Тошкентга келдилар. Хайрия акцияси доирасида Гўдаклар ва Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, шунингдек, Республика болалар ижтимоий мослашув марказига қатнайдиган имконияти чекланган кичкинтойлар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Тиббий кўрик ва операциялар Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида франциялик шифокорлар жамоаси томонидан маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда ўтказилди. Хусусан, кўрик ва операцияда профессорлар – кардиожарроҳ Оливье Барон, перфузионист (сунъий қон айлантириш ускунаси бўйича мутахассис) Луи Мериан, болалар анестезиологи Ариан Девин, ҳамшира Элеонор Легенек, шунингдек, Марказ шифокорлари, профессор Ҳакимжон Абралов ҳамда кардиожарроҳлик мутахассислари қатнашдилар.

2016 йил март ойида Франция уюшмаси Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази шифокорлар гуруҳини малака оширишлари учун Нант шаҳридаги педиатрия марказига таклиф қилди. Ўзбекистон ва Франция ўртасида болалар кардиожарроҳлиги соҳасида келгусида ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ушбу ташаббус “Sen Yolg'iz Emassan” Фонди томонидан молиявий қўллаб-қувватланди. Шу тариқа кардиожарроҳ, профессор Ҳакимжон Абралов, болалар кардиожарроҳи Омонжон Алимов, кардиолог Бунёд Акбархонов ва болалар кардиореаниматор-анестезиологи Алишер Ҳайдаровлардан таркиб топган ўзбекистонлик шифокорлар жамоаси Францияда малака ошириш сафарида бўлди. Ушбу ташриф шифокорларимизга ўз билимларини такомиллаштириш, замонавий болалар кардиожарроҳлиги ва кардиореанимациясида қўлланаётган янги даволаш усул ва йўллари билан амалиётда танишиш имконини берди.

2016 йил сентябрда хайрия акцияси доирасида франциялик шифокорлар эҳтиёжманд оилаларнинг юрак касалликларига чалинган фарзандларини тиббий кўрикка жалб этиш, маслаҳат бериш ва операция қилиш мақсадида Тошкентга келдилар. Бундан ташқари, “Sen Yolg'iz Emassan” Фонди 2016 йил май ва ноябрь ойларида оғир юрак хасталикларига чалинган ўзбекистонлик болаларни операция учун Францияга – Нант шаҳридаги педиатрия клиникасига юборди.

2017 йил ноябрь ойида Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида франциялик шифокорлар жамоаси томонидан Ўзбекистондаги эҳтиёжманд оилаларнинг 9 нафар фарзанди операция қилинди, 45 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. 2017 йил январь ойида юрак хасталиги билан туғилган 12 нафар бола операция қилинди, 45 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. Ушбу хайрия тадбири 10-17 январь кунлари “Sen Yolg'iz Emassan” Фонди ҳамда Франциянинг “Умид ришталари” уюшмаси томонидан ўтказилди. Ушбу акциялар франциялик ва ўзбекистонлик шифокорлар ўртасида замонавий болалар кардиожарроҳлиги ва кардиореанимацияси соҳасида тажриба алмашиш имконини берди. Франциялик шифокорлар бемор болаларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва муолажа қилиш борасида янги усулларни қўллаган ҳолда ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

"Sen Yolg'iz Emassan" Фондининг молиявий кўмаги билан шу кунга қадар франциялик кардиожарроҳлар томонидан ўзбекистонлик кам таъминланган оила фарзандлари ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига 130дан ортиқ мураккаб юрак операциялари бажарилди, улардан 21 таси Франциянинг Нант шаҳридаги клиникада амалга оширилди.