Мирфотихнинг ҳикояси

Мирфотиҳ 7 ойлик гўдак бўлганида ота-онаси фарзандлиги тенгдошлари қатори ривожланмаётганини сезиб қолдилар. Болажон эмакламас, ўтиролмас ва чап қўлини очолмас эди. Текширувлардан сўнг шифокорлар болада чап томон церебрал фалажини аниқладилар.

Шу йилнинг февраль ойида Мирфотиҳнинг оиласи фаолияти “Sen yolg’iz emassan” Фонди томонидан мувофиқлаштириладиган Болалар ижтимоий мослашуви марказига мурожаат қилдилар. Хозирда Мирфотиҳ бу ерда даволаш курсларини олмоқда: у соғайтирув массажи, терапевтик бассейн, логопед ва даволаш физкультура машғулотларига қатнайди.

"Sen Yolg'iz Emassan" Фонди ушбу марказни болаларнинг ҳаракат-таянч тизимини тиклашга мўлжалланган энг замонавий даволаш жиҳозлари билан тўлиқ таъминлаган. «Локомат”, “Солостеп”, “Вертикализатор”, “Космос” каби инновацион тренажёрлар болалар муолажасининг самарадорлигини сезиларли даражада оширади.

Машғулотлар туфайли болажон аста-секин белини ушлашни, оёқда туришни ва чап қўлини очишни бошлади. Болакайнинг аҳволи тобора яхшиланиб бормоқда ва унинг тез орада яхши натижаларга эришишига жуда умид қиламиз.

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Лола Каримова-Тилляева томонидан 2004 йилда имконияти чекланган болаларга диагностика, ортопедик ва неврологик даволаш бўйича ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган.

Марказда церебрал фалаж, Даун синдроми, аутизм, руҳий ривожланиши сустлашган каби ташҳисларга эга ва таянч ҳаракат тизими касалликлари билан хасталанган болаларга кўмак берилади. Бу ерда тиббиёт мутахассислари, педагоглар ва реабилитологлар ҳар бир бола учун ишлаб чиқилган индивидуал ривожланиш дастури асосида иш юритадилар. Марказдаги барча хизматлар бепул кўрсатилади.