Болалар ижтимоий мослашув марказидаги массаж курслари

Болалар ижтимоий мослашуви марказида массаж муолажаларининг замонавий услубларини қўллаш учун барча шароитлар яратилган.

Массаж терапияси церебрал фалаж, микроцефалия, руҳий ривожланиши сустлашган каби ташҳисларга эга ва таянч ҳаракат тизими касалликлари билан хасталанган болаларда қўлланилади.

Юқори малакали мутахассислар ҳар бир болага индивидуал тарзда массажнинг турли техникаларини ишга соладилар.

Шунингдек, массаж кабинети аквамембранали ванна, яъни мушакларни бўшаштириш, қон айланишини яхшилаш ва ички органлар фаолиятини нормаллаштиришга мўлжалланган махсус гидромассаж анжоми билан жиҳозланган.

«Sen Yolg’iz Emassan» Фонди ушбу марказни ҳаракат-таянч тизимини тиклашга мўлжалланган энг замонавий даволаш жиҳозлари билан тўлиқ таъминлаган. «Локомат”, “Солостеп”, “Вертикализатор”, “Космос” каби инновацион тренажёрлар болалар муолажасининг самарадорлигини оширади.

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Лола Каримова-Тилляева томонидан 2004 йилда имконияти чекланган болаларга диагностика, ортопедик ва неврологик даволаш бўйича ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. Марказда барча хизматлар бепул кўрсатилади.