РБИММдаги остеопатия соҳасида 4 кунлик семинар-тренинги

Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида Стаффордшир Университети ўқитувчилари – Иэн Уайт ва Маргарет Бэинбридж ( Буюк Британия) иштирокида остеопатия соҳасида 4 кунлик семинар-тренинг бошланди. Тадбирда ўсиб келаётган авлодни ижтимоий ҳимоялаш тизимида имконияти чекланган болалар билан ишлайдиган РБИММ ва Марказ филиаллари, Тожикистон Республикаси “Рангинкамон” ва “Сарчашма” жамоатчилик ташкилотлари вакилларидан иборат 40 дан зиёд мутахассислар иштирок этмоқда.

Семинар-тренинглар остеопатия принциплари, қадам ташлаш, гавдани тутиш ва буғим механикаси, марказда болаларга остеопатия соҳасида ёрдам кўрсатиш ва парваришлаш каби мавзуларда олиб борилмоқда.

Шунингдек, Иэн Уайт ва Маргарет Бэинбридж семинар-тренинг иштирокчиларининг малакасини ошириш мақсадида алоҳида эҳтиёжга эга бўлган болалар билан амалий машғулотлар ўтказадилар.

Бундай тадбирлар мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ҳаракат борасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаркан, Стаффордшир Университети маъмурияти билан келгусида ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожланиш юзасидан шартномалар тузишга қарор қилинди.

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Лола Каримова-Тилляева томонидан 2004 йилда имконияти чекланган болаларга диагностика, ортопедик ва неврологик даволаш бўйича ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. Марказда церебрал фалаж, Даун синдроми, аутизм, руҳий ривожланиши сустлашган каби ташҳисларга эга ва таянч ҳаракат тизими касалликлари билан хасталанган болаларга кўмак берилади. Бу ерда тиббиёт мутахассислари, педагоглар ва реабилитологлар ҳар бир бола учун ишлаб чиқилган индивидуал ривожланиш дастури асосида иш юритадилар. Марказдаги барча хизматлар бепул кўрсатилади.