Умиджоннинг ҳикояси

Врачлар Умиджонда юрак нуқсони ташҳисини ҳали туғилмасидан аввал аниқладилар. Эндигина дунёга келган гўдак икки кун давомида реанимацияда шифокорлар назорати остида бўлди. Юрак касаллиги туфайли бола кундан кунга заифлашиб борар, баданида кўкимтир доғлар пайдо бўлиб турарди. Умиджонга операция зарур эди.

2017 йилнинг март ойида Лола Каримова-Тилляеванинг «Sen Yolg'iz Emassan» Фонди саккиз ойлик Умиджонни ойиси билан биргаликда операция учун Францияга жўнатди. У ерда Нант шаҳридаги клиникада Франциянинг етакчи кардиожарроҳи Оливье Барон томонидан Умиджонга мураккаб юрак операцияси амалга оширилди.

Муваффақиятли ўтказилган операция боланинг ҳаётини сақлаб қолди. Энди Умиджон тенгқурлари қаторида ўйнаб-кулиб улғаймоқда.

«Sen Yolg'iz Emassan» Фондининг молиявий кўмаги билан 2015 йилдан бери франциялик кардиожарроҳлар томонидан 110 дан зиёд мураккаб юрак операциялари бажарилди, улардан 20 таси Франциянинг Нант шаҳридаги клиникада амалга оширилди.