ЎҚУВ МАРКАЗИ

Сифатли таълим манфаатли касб-корга эга бўлиш ва муносиб ҳаёт кечиришнинг бош омили саналади. Шу боис Фонд ота-она ғамхўрлигидан маҳрум болаларнинг муносиб таълим олишини таъминлашни ўз фаолиятининг муҳим йўналиши деб белгилаган.

Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини лицей, коллеж ва олий ўқув юртларига тайёрлаш мақсадида “Sen Yolg'iz Emassan” Фонди қошида Ўқув маркази ташкил этилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда тарбияланаётган ҳамда имконияти чекланган болалар ҳам ушбу марказда таҳсил олиш имконига эга.

Ўқув маркази фаолияти болаларнинг билим олишга қизиқишини ошириш, таълимга ижобий муносабатни шакллантириш, ўқувчилар билан дўстона муносабат ўрнатган ҳолда уларнинг мактаб дастурларини муваффақиятли ўзлаштиришига кўмаклашишга қаратилган. Марказ мутахассислари болаларга ўз қобилияти ва хоҳиш-истагига кўра касб-кор танлашда кўмак беради. Шу тариқа улар ота-оналар каби болаларга келажак ҳаёт йўлини кўрсатадилар.

Марказда математика, кимё, информатика, инглиз тили, рус тили ва адабиёти, этика ва эстетика, ўзбек маданияти ва миллий анъаналари тарихи каби табиий ҳамда гуманитар фанлар бўйича машғулотлар олиб борилади. Дарс жараёнига мамлакатдаги етакчи таълим масканларида фаолият юритаётган пешқадам педагоглар таклиф этилади.

Марказ болаларга ўз иқтидори, қобилияти ва имкониятларини юзага чиқаришда кўмак беради. Масалан, болаларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш мақсадида драма санъати, хореография, хонандалик, тасвирий санъат каби йўналишларда тўгараклар ташкил этилган. Болаларда танқидий тафаккур, нотиқлик қобилияти ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш мақсадида марказ ҳузурида “Мунозаралар клуби”га асос солинган.

Болалар муайян касб-корни танлаши арафасида лицей, коллеж ва олий ўқув юртларига экскурсиялар уюштирилади, бу эса мутахассисликлар бўйича ўқув жараёнини бевосита кузатиш имконини беради.

Ўтган йиллар давомида марказда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, эҳтиёжманд оилалар вакиллари ва имконияти чекланган болалар – 2500 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олди. Марказнинг 240 дан зиёд битирувчиси Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Москва давлат университетининг Ўзбекистондаги филиали, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат шарқшунослик, институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент автомобиль йўллари институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Термиз давлат университети, Тошкент тиббиёт академияси, Миллий рассомлик ва дизайн институти, Тошкент кимё-технология институти каби мамлакатдаги нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди.

2009 йилдан бошлаб “Sen Yolg'iz Emassan” Фонди Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига олий ўқув юртида таҳсил учун шартнома пулини тўлаб бермоқда. Ҳозирга қадар 84 нафар талабанинг таҳсил пули тўлаб берилди.


Warning: shell_exec(): Cannot execute a blank command in /var/www/u0563893/sen.uz/wp-content/themes/betheme/footer.php on line 2
Berita Teknologi Cyber Security https://teknonebula.info/ Tekno Nebula