Фонд ҳақида
«Sen Yolg’iz Emassan» Республика жамоатчилик болалар фонди 2002 йил ноябрь ойида Лола Каримова-Тилляева ташаббуси билан ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган.
Асосий мақсадлар
Фонднинг асосий мақсади ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг униб-ўсиши, ҳар томонлама билим олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, болаларни маънавий-руҳий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг саломатлигини муҳофаза қилишдан иборат.
Ташкил этилганидан сўнг кўп ўтмай, яъни 2002 йил ноябрь ойидан 2003 йилнинг март ойигача Фонд Ўзбекистондаги барча Меҳрибонлик уйлари бўйича текширув ўтказди. Таҳлил натижалари Меҳрибонлик уйларидаги умумий муҳитда, тарбияланувчиларнинг яшаш шароитида, овқатланиши ва таълим олишида сезиларли камчиликлар борлигини кўрсатди. Меҳрибонлик уйлари ходимларининг масъулиятсизлиги туфайли болаларнинг яшаш даражаси жуда пастлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрнатилган овқатланиш меъёрлари бузилганлиги, соғлом ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган озиқ-овқатлар болаларга етарли миқдорда берилмагани маълум бўлди. Қолаверса, болаларнинг тўлақонли ривожланиши ва таълим олиши учун шароит етарли бўлмай, турар-жойлар қониқарсиз аҳволда эди.
Текширув натижалари асосида 2003 йилда Фонд томонидан Меҳрибонлик уйларидаги вазиятни яхшилаш бўйича юртимизда кенг кўламли амалий ишлар ташаббуси илгари сурилди ва бошлаб юборилди. Болаларнинг ҳаётини сифат жиҳатдан яхшилаш, жумладан, Меҳрибонлик уйларида уй шароитига яқинлаштирилган муҳит яратиш, уларнинг маълумот даражасини ошириш, болаларнинг соғлом ўсиши ва ривожланиши учун зарур овқатланиш меъёрларини жорий этиш буйича ишлар шулар жумласидандир.
Меҳрибонлик уйларида болаларга уй шароитига яқинлаштирилган муҳит яратиш мақсадида «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди ўз фаолиятида болалар муассасаларида қурилиш ва созлаш ишларини молиялаштиришга ҳам катта эътибор қаратди.
Жамғарманинг молиявий ёрдами билан бир қатор Меҳрибонлик уйларида қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ушбу муассасалар қошида қўшимча таълим бинолари, кутубхоналар, янги спорт ва кўнгилочар майдончалар, ҳовузлар, маъмурий бино ва замонавий тиббиёт бўлимлари барпо этилди.
Шунингдек, Фонд томонидан Тошкентдаги 23-Меҳрибонлик уйи ва Самарқанддаги 6-Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига мўлжалланган биноларни янги ҳудудда барпо этиш бўйича иккита йирик лойиҳа амалга оширилди. Болаларнинг яшаш шароитларини яхшилаб, уй шароитига максимал яқинлаштириш, янги кадрлар ва малакали мутаҳассислар – психолог, педагог ва ижтимоий ходимларни жалб қилиш, тиббий штатни кенгайтириш ва Меҳрибонлик уйларида янги тизим ва хизматларни ташкил этиш каби вазифаларга катта аҳамият берилди.
Мана 16 йилдирки, «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди ота-она қарамоғисиз қолган ва имконияти чекланган болаларнинг ижтимоий ҳимоясига қаратилган давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва шакллантиришда иштирок этиб келмоқда.
Фаолиятимиз
Болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг интеллектуал ва ижодий камол топишига кўмаклашиш, психологик ёрдам кўрсатиш, мустақил ҳаётга тайёрлаш, сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга мадад бериш Фонд фаолиятининг муҳим йўналишларидан саналади. Фонд болаларнинг ота-она меҳри етишмаслиги оқибатида вужудга келган муаммоларини ҳал этар экан, болаларда ҳаётга ва ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва руҳий уйғунликни қўлга киритишларида суянч бўлишга интилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги Меҳрибонлик уйларида ва болалар шаҳарчаларида 2200 нафарга яқин бола истиқомат қилмоқда. Меҳрибонлик уйларини китоблар, зарур дарсликлар, компьютерлар, кийим-кечак, спорт жиҳозлари, зарур техник ускуналар ҳамда тиббий анжом ва дори воситалари билан таъминлаш ҳам Фонд фаолиятидан ўрин олган.
Фонд ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ҳамкорликда имконияти чекланган болаларга, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар фарзандларига, шунингдек, ўз салоҳиятини ривожлантириш учун етарли имкониятга эга бўлмаган иқтидорли болаларга тиббий, молиявий ва таълим соҳаларида ёрдам кўрсатиб келмоқда.