МЕҲРИБОНЛИК УЙЛАРИГА КЎМАК

“Sen Yolg'iz Emassan” Фонди ташкил этилганидан кўп ўтмай, яъни 2002 йил ноябрь ойидан 2003 йилнинг март ойигача Фонд вакиллари Ўзбекистондаги ота-она ғамхўрлигидан маҳрум болалар тарбияланадиган барча Меҳрибонлик уйлари бўйича чуқур таҳлиллар ўтказди. Таҳлил натижалари Меҳрибонлик уйларида тарбияланувчиларнинг яшаш шароити, овқатланиши ва таълим олишида кўплаб камчиликлар борлиги, бунинг оқибатида эса болаларнинг яшаш даражаси пасайиб кетганини кўрсатди. Шу тариқа Фонд тарбияланувчилар муносиб даражада ҳаёт кечириши учун уларга уй муҳитига яқин шарт-шароитларни яратишни муҳим вазифаларидан бири сифатида белгилади.

Фонд ота-она қарамоғидан маҳрум болаларнинг тўлақонли таълим олишига кўмаклашишга, шунингдек, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини овқатлантириш мавжуд талабаларга қатъий мувофиқ бўлишига эътибор қаратди. Фонднинг молиявий кўмагида бир қатор Меҳрибонлик уйлари реконструкция қилиниб, улар таркибида спорт ва ўйин майдонлари, сузиш ҳавзалари, маъмурий бино, тиббий мажмуа каби замонавий объектлар бунёд этилди.

2003-2004 йилларда 21- ва 22-сонли Меҳрибонлик уйлари капитал таъмирланди. Шунингдек, 2011 йилда Фонд саъй-ҳаракати билан 30- ва 41-сонли Меҳрибонлик уйларининг ёзги соғломлаштириш лагерлари тўлиқ қайта бунёд этилди. 2008-2009 йилларда Тошкентдаги ёлғиз қариялар яшайдиган Саховат уйи “Sen Yolg'iz Emassan” Фондининг тўлиқ молиявий ёрдамида қайтадан барпо этилди. Тураржой мажмуаси таъмирланиб, янги мебель билан жиҳозланди. Ошхона ва кир ювиш хоналари учун янги бино қурилди. Қариялар ҳаракатланишига қулайлик яратиш мақсадида тураржой мажмуаси, ошхона ва даволаниш бўлимлари ўртасини боғловчи йўлаклар барпо этилди.

2010 йилда “Sen Yolg'iz Emassan” Фонди томонидан имконият чекланган болаларни ўз бағрига олган 1-сонли Мурувват уйи буткул қайтадан бунёд этилди ва жиҳозлар билан таъминланди. “Бу – ўзига хос болалар, шу боис ҳам уларга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Биз уларнинг муносиб яшаши ва хавфсизлиги, қолаверса, тўлақонли ўсиб-улғайиши учун зарур бўлган шарт-шароитни яратишга ҳаракат қилдик”. (Лола Каримова-Тиллаева. Тошкент, 2010 йил)

“Sen Yolg'iz Emassan” Фонди томонидан 2011 йили Тошкент вилояти Қибрай туманидаги психоаномал хасталикларга чалинган болалар тарбияланадиган ихтисослашган Гўдаклар уйи янги мебель, техник ускуналар ҳамда бошқа бирламчи зарурий буюмлар билан таъминланди. 2012 йили Тошкентдаги имконияти чекланган болаларга кўмак берадиган Республика болалар ижтимоий мослашув маркази Фонднинг тўлиқ молиявий кўмагида реконструкция қилинди ва замонавий асбоб-ускуналар, таянч-ҳаракатланиш тизимида нуқсони бор болаларни муолажа қилишга мўлжалланган даволаш тренажёрлари билан жиҳозланди.

Тошкентдаги Гўдаклар уйи 2012 йили Глобал жамғарманинг Ўзбекистондаги лойиҳаси доирасида “Sen Yolg'iz Emassan” Фонди томонидан қайта таъмирланди ва жиҳозланди. Гўдаклар уйини қайта таъмирлашдан кўзланган мақсад уч ёшгача бўлган тарбияланувчиларнинг муносиб даражада яшаши ва ривожланиши учун уй муҳитига яқин шарт-шароитни яратишдан иборат эди. Хоналар қайта жиҳозланди, хусусан, янги мебель, болалар учун зарур буюмлар, шунингдек, телевизор, мусиқа маркази, мўъжаз ошхона билан таъминланди. Гўдаклар уйининг тиббиёт мажмуаси физиотерапия ва массаж учун янги технологиялар билан жиҳозланди, жумладан, болаларнинг жисмонан соғлом ўсишига кўмаклашувчи гидротерапия, ортопедия ва тренажёр хоналари барпо қилинди. Самарқанддаги 1943 йилда қурилган 10-сонли Меҳрибонлик уйи 2013 йилда Фонд томонидан реконструкция қилинди. Бино капитал таъмирланиб, у ерда уй муҳитига яқин замонавий шарт-шароит яратилди. Янги Меҳрибонлик уйи 10 та ўқув синфи, кўргазма зали, музей, кутубхона, компьютер ва хореография хоналари, шинам ошхона, қўшимча машғулотлар учун катта зал, тиббий мажмуа ва янги спорт биносини ўз ичига олади.

Чирчиқдаги 1946 йилда қурилган 14-сонли Меҳрибонлик уйи 2013 йилда “Sen Yolg'iz Emassan” Фонди кўмагида капитал қайта таъмирланиб, тарбияланувчиларга ўз эшикларини очди. Айни пайтда бу масканда 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган 100 дан ошиқ болалар тарбияланмоқда. Меҳрибонлик уйида болалар яшаши ва таълим олиши учун зарур шарт-шароит яратилган: яшаш хоналари, кутубхона, компьютер хонаси, спорт мажмуаси, тиббий мажмуа ва дам олиш маскани қайта жиҳозланди. Болаларнинг ривожланиши ва таълим олишига алоҳида эътибор қаратилди, ушбу мақсадда қўшимча таълим учун янги бино барпо этилди. У ерда болалар бўш вақтларида бичиш ва тикиш, расм тўгаракларига қатнайдилар, рақсга тушиш ва мусиқа асбоблари чалишни ўрганадилар. Бинода, шунингдек, мактаб фанлари бўйича синфдан ташқари машғулотлар ҳамда коллеж ва лицейга тайёргарлик дарслари ўтказилади. 23-сонли Меҳрибонлик уйи 2014 йилда “Sen Yolg'iz Emassan” Фонди томонидан қайта барпо этилди. Етакчи меъморлар, педагоглар, психологлар ва тиббиёт ходимлари иштирокида тайёрланган лойиҳада болаларнинг талаб ва истаклари ҳам инобатга олинган. Янги маскан 21- ва 23-сонли Меҳрибонлик уйларининг 3 ёшдан 16 ёшгача бўлган тарбияланувчиларини ўз бағрига олган.

Замонавий мебель, асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган янги масканда таълим, тарбия, тиббий-соғломлаштириш ва ижтимоий-психология хизматлари фаолият юритмоқда. Мазкур хизматлар фаолияти болаларнинг ҳиссий-эмоционал, интеллектуал ва жисмоний ривожланиши учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган. Юқори малакали педагоглар, психологлар, тиббий ходимлар, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси вакиллари болаларни тарбиялаш ва ривожлантириш ҳамда мустақил ҳаётга тайёрлаш йўлида жонбозлик кўрсатмоқдалар.

Янги маскан ҳудудида замонавий спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминланган кўп функцияли улкан зал, иккита ёпиқ ва битта очиқ сузиш ҳавзаси ҳамда спорт майдонларини ўз ичига олган спорт мажмуаси ҳам бор. Бундан ташқари, муассаса қўшимча таълим ва ижтимоий мослашув биносига эга. Ушбу бинода тасвирий санъат, хореография, фортепиано, халқ чолғулари ва хонандалик йўналишларида машғулотлар ташкил этилади. Буларнинг бари болаларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш ҳамда келгусида касб-кор учун зарур кўникмалар орттиришга хизмат қилади. Каттагина кутубхона эса ранг-баранг ўқув дастурлари, илмий-оммабоп адабиётлар, миллий ва хорижий ёзувчиларнинг энг яхши бадиий асарларини тақдим этади.

Янги Меҳрибонлик уйининг яна бир афзаллиги – у кўп функцияли тиббий мажмуага ҳам эга. Педиатр, стоматолог, физиотерапевт, ортопед, отоларинголог, офтальмолог, дерматолог каби тиббий ходимлар тарбияланувчиларга Меҳрибонлик уйининг ўзида хизмат кўрсатади. Самарқанддаги 1943 йили, Иккинчи жаҳон уруши даврида қурилган 6-сонли Меҳрибонлик уйи 2015 йили “Sen Yolg'iz Emassan” Фонди кўмагида янгидан барпо этилди. Меҳрибонлик уйининг илгари прокуратура жойлашган собиқ биноси болалар яшаши учун мавжуд талабларга жавоб бермас эди. Шу боис шинам янги маскан бунёд этишга қарор қилинди. Янги бино болажонларнинг яшаши, таълим олиши ва ҳар жиҳатдан ўсиб-улғайиши учун зарур бўлган барча талабларга мувофиқ бўлиши кўзда тутилди.

Самарқанд марказида жойлашган муассаса ҳудуди тўққизта алоҳида бинони ўз ичига олади. Тарбияланувчилар ўқув биносида тасвирий санъат, математика, кимё ва информатика бўйича қўшимча таълим олади, хореография, драма санъати, мусиқа ва хонандалик машғулотларида эса ижодий қобилиятларини ўстиради. Шунингдек, ушбу масканда бичиш ва тикиш, пазандалик, ёғоч ўймакорлиги, сартарошлик, дурадгорлик, кулолчилик каби йўналишларда тўгараклар ташкил этилган. Меҳрибонлик уйидаги сузиш ҳавзаси, кўп функцияли улкан зал ва футбол майдонидан иборат йирик спорт мажмуаси ҳам болаларнинг севимли масканига айланган.

Меҳрибонлик уйи ҳовлиси ҳам болалар қизиқишлари асосида ободонлаштирилган. Ўйин майдонлари, ёзги амфитеатрлар, спорт шаҳарчалари болаларнинг ўйнаб-кулиши, бўш вақтини мазмунли ҳамда фойдали ўтказишига хизмат қилади.


Warning: shell_exec(): Cannot execute a blank command in /var/www/u0563893/sen.uz/wp-content/themes/betheme/footer.php on line 2
Berita Teknologi Cyber Security https://teknonebula.info/ Tekno Nebula